(2/2) Ислом ва мусулмонлар ғалабасини истасангиз илм олинг, уломаларни ғанимат билинг, шошилиб кетманг!

Уламоларнинг баъзи хатолари туфайли уларга бўлган ишончи йўқолган йигитларга насиҳат:

Уламоларда ҳам баъзи хатолар бўлади, балки баъзида катта ва жиддий хатолар ҳам содир бўлиб қолиши мумкин, чунки улар пайғамбарлардек маъсум – хатолардан омонда бўлган зот эмаслар.

Аммо уларнинг хатоларини узоқ йиллар илм олиб, таълим бериб келиш асносида айтган сўзлари ва қилган ишларига солиштириладиган бўлинса, мингдан бир фойизга ҳам етмаса керак.

Ҳақиқий толиби илм хатоларга алданиб қолмайди, чунки у битта олим билан чекланмайди, балки юзлаб уламолардан илм олади, натижада бирларининг хатоларини бошқаларидан билиб, тўғирлаб олади ва “хато қилган” деб ўйлаган уламони маъзур тутиб, ҳақларига дуойи хайр қилади.

“Хато қилдилар” деб ўйлаб ўзи хато қилаётган бўлиши мумкинлигини ҳам унутмайди.

Уларнинг баъзи масалаларда хато қилганликлари исбот бўлган тақдирда ҳам уларга яхши гумонда бўлиш оддий мусулмоннинг хатосига яхши гумонда бўлиш вожиблигидан кўра бир неча баробар каттароқ ва зарурроқ вожиб амалдир.

Уламолар доимо уларни икки томонларидан ўраб оладиган, бир-бирининг табиатига ёки тариқатига зид бўлган одамлар орасида қолиб кетадилар:

Бир томонда сон жиҳатдан жуда кам, аммо жуда катта ва нозик таъсирга эга бўлган тоифа – оловдек ёниб турадиган, “Ислом нусратини тез кунларда амалга ошириб юбориш мумкин” деб тасаввур қилиб, сакраб-сакраб кетиб қоладиган шижоатли ва зукко йигитлар бўлади.

Уларнинг оловини пасайтириб, қайнаб турган қонларини сал совитиб, меъёрига тушириб, шошилганидан бошқа майдонларни ҳам ёндириб юборишидан тўхтатиб туришга ҳаракат қилишни уламолар ўз зиммаларидаги энг оғир масъулиятлардан деб ҳисоблашади.

Иккинчи томонда эса, музлаб ётган уммондек, чуқур ғафлатларга ботиб, ухлаб қолган уммат – бир миллиярддан зиёд мусулмонлар, десак хато бўлмаса керак.

Анашу мусулмон халқларни тўғри йўл билан, узоқ муддатли режалар асосида, тўла тассаввурга биноан уйғотиб бориш учун юқоридаги кучли оловни куйдириб юбормайдиган даражага пасайтириб, кенгроқ майдонларга етадиган қилиб тарқатиш керак.

Уламолар манашу ва бошқа кенг қамровли масъулиятлар ҳақида эртаю кеч бошқотириб, ҳаракат қилиб яшашади.

Шундай бўлгандан кейин албатта баъзи хатолар рўй бермасдан иложи йўқ.

Уламоларнинг қадрига етмайдиганлар уларнинг биринчи тарафга қаратилган сўзлари ва ҳаракатлари билан иккинчи тарафдагиларга қаратилган сўзлари ва ҳаракатларини бир-бирига қарама қарши қилиб, ораларни билиб-билмай уруштириб қўяди, муаммолар, масъулиятлар, турли соҳа ва майдонларни бир-бирига чалкаштириб юборади.

Худди бир неча идишларга алоҳида-алоҳида солиш керак бўлган нарсаларнинг ҳаммасини битта тоғарага ташлаб, аралаш-қуралаш қилиб ташлагандек бўлиб қолади.

* Насиҳатни қабул қилмайдиган баъзи йигитларимизга қандай муносабатда бўламиз?

– Ҳидоят ва тавфиқ фақат Аллоҳ таолонинг қўлида.

Сиздан фақат холис ният, чуқур илм ва гўзал хулқ ила чиройли насиҳат талаб қилинади.

Баъзиларга ўзингиз ҳақ деб билган нарсаларингизни тушунтираман деб ҳар қанча насиҳат қилсангиз ҳам улар сизга қарши муайян бир муносабатини белгилаб олган бўлса кўзини маҳкам беркитиб олиши мумкин.

Бундай ҳолда сиз уларнинг ҳолига албатта ачинасиз.

Энг муҳими, сиз уларнинг ҳаққига худди ўзингизга қиладиганингиз каби солиҳ дуолар қилиб турасиз, Аллоҳнинг ҳузурида зорланиб, кўз ёшларингизни тўкасиз, ўзингизга ҳам, уларга ҳам ва барча мусулмонларга мукаммал ҳидоят тилайсиз.

Аллоҳ таоло умматимизнинг аҳволини ислоҳ қилсин, Ислом ва мусулмонларни ҳақ йўлда бирлаштириб, душманлар устидан ғолиб қилсин, уламоларимизнинг чуқур илму тажрибалари, ёшларимизнинг шижоату ғайратлари, ҳамма-ҳаммаси ўз ўрнида Исломга хизмат қилсин, ҳаддан ошиб кетиб қолмасин, илмимиз амали билан, амалимиз холис ният ва Суннатга итоат билан бўлсин ..

Вассалому алайкум …

Улашинг
Comments
تعليق واحد على “(2/2) Ислом ва мусулмонлар ғалабасини истасангиз илм олинг, уломаларни ғанимат билинг, шошилиб кетманг!”
  1. Фотима says:

    Омийн, омийн, омийн. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Leave A Comment