Рўза ва ҳайит кунларидаги ихтилоф ҳақида
Мен Қирғизистонданман. Бизда ҳайитни сешанба куни деб айтишяпти.
Сизларни сайтингизда эса душанба куни деб эълон қилинибди.
Биз кимга эргашайлик?
Билмайдиган нарсани биладиган аҳли илмлардан сўрангизлар, дейилгани учун сўраб оляпмиз. Безовта қилган бўлсам узр.
Аллоҳим яхши ниятларингизни амалга оширсин.
Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб:
Бу борадаги шаръий тартиб-қоида қуйидагича:
Янги ҳилол чиққанлигини ўз кўзлари билан кўрган кишилар мусулмонларнинг раҳбарлари ёки қозиёт ҳузурига бориб гувоҳлик беришлари лозим бўлади. Раҳбарият уларнинг гувоҳликларини ё қабул қилади ё қилмайди.
Агар қабул қилса якун топаётган ой 29 кун билан тугайди, қабул қилмаса 30 кун қилиб тамомланади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам омма мусулмонлар ўзларининг диёрларидаги эътироф этилган диний раҳбарларнинг қарорига итоат қиладилар.
Ой хоҳ 29, хоҳ 30 кун бўлсин, зарари йўқ. Муҳими, 28 кунга камайиб ёки 31 кунга кўпайиб кетмаслиги керак.
Шунда ҳар бир минтақадаги инсонлар ўзларининг ҳудудларидаги мусулмонлар билан баробар рўза тутадилар ва биргаликда байрам қиладилар.
Ким қайси давлатда бўлса уша ердаги мусулмонлар жамоасига эргашиши лозим бўлади. Озчилик бўлиб ажраб қолиш жоиз эмас.
Бу борада кенгроқ маълумотга эга бўлишни хоҳлаган ва араб тилидан бохабар бўлган толиби илмлар қуйидаги линк орқали имом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг фатволари билан танишиб чиқишлари мумкин: islamway/fatwa6250
Бугунги кунда кўпчилик биродарларимизни иккилантириб қўяётган янги муаммо шуки, Ислом оламидаги баъзи ҳукуматларнинг диний идоралари янги ой кирганини исбот қилишда шаръий йўл бўлмиш ҳилол чиқишини кўз билан кузатишни эътиборга олмаяптилар. Бу албатта хато ва унинг гуноҳи ўзларининг зиммаларига тушади.
Мусулмон халқлар эса модомики 29 ва ё 30 кун рўза тутаётган эканлар, уларга ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди.
Хулоса шуки, сизлар ҳам Қирғизистон мусулмонларининг эътиборли уламолари ва қозиларига эргашасизлар.
Агар бордию мусулмонлар жамоаси иккига бўлиниб қолса ва уларнинг аксарияти қайси тарафда эканлигини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай ҳолда ҳеч қайси бир томонни инкор қилмасдан, мусулмонлар бирлигини сақлашга ҳаракат қилиш лозимдир.
Жамоат бўлиб бажаришга буюрилган барча Исломий ибодатларга эътибор бериб қарасак, улардан олинадиган энг буюк тарбиялардан бири ҳам мусулмонларнинг бирлигини сақлаш эканига гувоҳ бўламиз. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлга бошлашини сўраймиз.
Қўшимча маълумот:
Мамлакатлар орасида Ийд кунидаги фарқнинг ҳукми
Рўза ва ҳайит кунлари ҳақидаги ихтилоф қандай ҳал қилинади?
Манба: “Ислом Овози”