(3) Эътиқодий масалалар
- Дунёда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади;
- Кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилинади;
- Куфр амалини қилиб қўйган мусулмонни дарҳол кофирга чиқариш жоиз эмас;
بسم الله الرحمن الرحيم
- Дунёда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилади:
Ислом дини бировларнинг устидан уларнинг махфий ҳолатларига асосланиб ҳукм чиқаришдан қайтаради.
Ким ўзининг мусулмонлигини эълон қилиб, шаҳодат калимасини айтса унга мусулмон сифатида, “мусулмон эмасман” деса кофир сифатида муомала қилинади.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам зоҳиридан мусулмон бўлиб олган мунофиқларга ҳам мусулмонлар қаторида муомала қилганлар.
Ҳатто жиҳод майдонида кофирлар қатл бўлиб кетишидан қўрқиб, зоҳиридан Исломни қабул қилиб, таслим бўлса биз уларни мусулмонлар сифатида қабул қилишимиз керак.
Бу борада саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган Усома ибн Зайд ва Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумнинг қиссаларидан ибрат олишимиз мумкин.
Агар кимдир ўзининг мусулмонлигини билдирмасдан юрса, унга ҳам унинг зоҳирий ҳолатига биноан – яъни худди кофирдек – муомала қилинади.
Бунга Бадр жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатлари далил бўлади.
Келгуси қисмларда бу қиссалар билан балки батафсилроқ танишиб ўтармиз, иншоаллоҳ.
Ҳозир эса кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилиш лозимлигини эслаб ўтамиз.
- Кофирларга ҳам Исломий ахлоқ-одоблар асосида муомала қилинади:
Ўзининг мусулмон эмаслигини очиқ-ойдин айтадиган одамга кофир сифатида муомала қилинади, дейилиши уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлиш керак, дегани эмас.
Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади:
{لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ * إِنَّمَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَأَخْرَجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلَىٰ إِخْرَاجِكُمْ أَنْ تَوَلَّوْهُمْ ۚ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ}. [الممتحنة: 8-9].
“(8) Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. (9) Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан — улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир”.
(Мумтаҳана: 8-9 оятлар).
Раҳмону Раҳийм бўлган Парвардигор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун оламга раҳмат қилиб юборган.
{وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ}. [الأنبياء:107].
“(Эй Расулуллоҳ), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб (яъни, Аллоҳнинг раҳмати-марҳамати бўлган ҳолингизда) юбордик”.
(Анбиё: 107).
Ўзимизни у зотнинг умматлари деб билсак у зот бутун башариятга қай даражада раҳм-шафқатли бўлган бўлсалар, биз ҳам ана шундай бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Одамларни Исломга тарғиб этиш, адашган тоифаларни турли-туман хурофотлар ботқоғидан олиб чиқиш каби буюк ибодатларни бажо қилиш учун энг аввало чиройли муомалани билишимиз, доимо гўзал хулқли бўлишимиз даркор.
Нима қилсак кофирларда Исломга муҳаббат пайдо бўлиб, ўз ихтиёрлари билан мусулмон бўлишади ва бидъатчилар Суннат йўлига қайтишади, бу инсонларни Охират азобидан қутқариб қолишимиз учун қандай гўзал услубларни қўллашимиз мумкин, деган масъулият ва ҳақиқий Исломий ғам-ташвиш устида кўпроқ бош қотирайлик.
- Куфр амалини қилиб қўйган мусулмонни дарҳол кофирга чиқариш жоиз эмас:
Мусулмонлигини эълон қилиб турган муайян бир шахс куфрий ва ширкий иш қилиб қўйса ёки ана шундай бир сўз айтса унга нисбатан “бу одам Ислом динидан чиқди, кофир бўлди”, деб ҳукм чиқариш энг хатарли масалалардан ҳисобланади ва бундай оғир масъулиятлар фақат уламолар ва қозиларга топширилади.
Уламолар ҳам назарий далиллар билан чекланиб қолмасдан, воқеликни атрофлича ўрганишлари, ҳар томонлама текширувлар ўтказиб кейин ҳукм чиқаришлари лозим бўлади.
Баъзида инсон ўзи билмасдан ширк қилиб қўяди, яна баъзида уни кимдир ёки нимадир мажбур қилганлиги туфайли куфр сўзни гапириб қўйган бўлади.
Ислом тарихидан маълумки, адашган тоифаларнинг эътиқодларига куфрий ва ширкий бидъатлар аралашиб кетган, шундай бўлса ҳам Аҳли сунна уламолари уларнинг аксариятларини кофирга чиқаришмаган.
Чунки улар жуда кўп ҳолатларда илмсизликлари ва қалбларида пайдо бўлиб қолган турли-туман шубҳалар туфайли ўзларининг хатоларини тушунмайдилар.
Шунинг учун уламолар эътиқод китобларида бу қоидани ҳам ҳужжатлари билан батафсил баён қилганлар.
Биз ҳам иншааллоҳ келгуси қисмларда баъзи далилларни қисқа тарзда бўлса ҳам зикр қилиб ўтамиз.
(Давоми бор)