Янги мавзу: Инсон, ҳаёт, синов
Биз бугундан эътиборан Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан “Назратуннаийм фий ахлоқир-Расулил-карийм” қомусига асосланган ҳолда янги мавзуда суҳбатлар силсиласини эълон қилишга бошлаймиз. Бу мавзу “Инсон, ҳаёт, синов”, деб номланади. Суҳбатлар давомида тилга олинадиган масалалар ҳар бир мусулмон учун муҳим илмий ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсоннинг ҳақ эътиқодда бўлишига ва дунё ҳаётида тўғри йўлдан боришига ёрдам беради.
Суҳбатларимиз – иншоаллоҳ – тақрибан 20 соатга мўлжалланади ва 3 қисмдан иборат бўлади:
1. Инсон нафси ва унинг сифатлари – 8 та суҳбат;
2. Дунё ҳаётининг моҳияти – 1 та суҳбат;
3. Ҳаёт синовлари – 10 та суҳбат (тақрибан).
Маърузаларнинг биринчи қисмида биз аввало ўз нафсимиз билан танишамиз ва умид қиламизки, ўзимизнинг ким эканимизни яхшироқ англай бошлаймиз. Бунинг энг катта фойдаси – ўзини таниган одам ўзига-ўзи тўғри муомала қиладиган бўлади ва бошқалардан ҳам шундан ортиғини кутмайди.
Суҳбатнинг иккинчи қисми дунё ҳаётининг моҳияти ҳақида бўлиб, у фақат 1та суҳбат билан кифояланади. Зеро, олам ҳаёти борлиқнинг пайдо бўлиши ва умумбашарий эътибор билан нечоғлик эски ва ҳали яна қанча асрлар узоқ давом этадиган бўлмасин, якка шахсга нисбатан олганда у жуда ҳам қисқа муддатдан иборатдир. Шундай экан, дунёнинг ўзи ҳақидаги гапни қисқароқ қилиб, тезроқ зарур ишларга ўтиш лозим экани тушунарлидир.
Асосий масала учинчи бўлимда келади ва у ҳаёт синовларига бағишланади. Биз бу бўлимда ҳаёт синовларининг турлари ва ҳикматлари ниҳоятда серқирра эканини кўрамиз. Синовлар ўзининг ўзгармас темир қонуниятларига эга эканлиги ва бу қонунларни яхши билган, уларга тўғри амал қилган инсон – иншоаллоҳ – синовлардан яхшилик билан ўта олишига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Ҳаёт имтиҳонининг маъносини тушуниб етмаган, бинобарин, у билан ҳамоҳанг қадам ташлай олмаган кимсанинг бу йўлда йиқилиб қолишидан огоҳ бўламиз.
Суҳбатлар мавзуси “Назратуннаийм” муаллифлари таъкидлаганларидек, кенг омма учун ҳам, жамиятнинг алоҳида қатламлари учун ҳам бирдек муҳимдир. Зеро, ҳаёт синовларидан холи бирор шахс, гуруҳ, жамият ёки давлат бўлмайди.
Иншоаллоҳ, ҳафтанинг ҳар жума куни эълон қилинажак суҳбатлар сарлавҳалари қуйидагича:
Биринчи бўлим: Инсон нафси ва унинг сифатлари
1 – суҳбат: Инсон ва нафс;
2 – суҳбат: Нафс барқарорлиги – қалб шодлиги;
3 – суҳбат: “Мутмаинна” – уйғоқ нафс;
4 – суҳбат: Нафси амморанинг ишлари;
5 – суҳбат: Фазилатми ёки ахлоқсизлик?!
6 – суҳбат: Нафс, хулқ, амал;
7 – суҳбат: Тарбиянинг асоси ўзини текширишда;
8 – суҳбат: Нафс, ҳаёт, ахлоқ ва амал харитаси.
Иккинчи бўлим: Дунё ҳаётининг моҳияти
9 – суҳбат: Дунё ҳаёти қисқадир.
Учинчи бўлим: Ҳаёт синовлари
10 – суҳбат: “Ибтило” – ҳаёт синови;
11 – суҳбат: Таклиф ва фитна синови;
12 – суҳбат: Ёмонликлар синови: сабаблар ва ҳикматлар;
13 – суҳбат: Гуноҳ синовининг ҳикматлари (1)
14 – суҳбат: Гуноҳлар синовининг ҳикматлари (2)
15 – суҳбат: Яхшилик ва тоат синовининг ҳикматлари;
16 – суҳбат: Синовларнинг тарбиявий аҳамияти.
…
Аллоҳнинг изни билан ҳар бир мусулмоннинг Ислом таълимотидан келиб чиққан ҳолда ўзлигини англашига, ҳаётда уни нималар кутаётгани ҳақида билиб олишига ва тўғри йўлдан боришига ёрдам бўладиган ”Инсон, ҳаёт, синов” туркумидаги суҳбатлар силсиласига марҳамат қилинг.
Манба: “Ислом Овози“