“Қабрларни зиёрат қилинглар. Зеро, улар сизларга охиратни эслатадир”…
Мадинаи мунаввара, Бақиъ қабристони (1436/8/1 = 2015/05/19)
Бугун асрдан кейин Бақиъ қабристонига бир муҳожир акамизни қўйдик. Унинг дунёда қолдириб кетадиган деярли ҳеч нарсаси йўқ эди.. Елкасига юк ортмай, енгилгина охиратга сафар қилди… Ҳаётининг охирги кунларини анча бетоб бўлиб, қийинчиликда ўтказди, Аллоҳ таоло ўзи гуноҳларига каффорат қилиб, Жаннат тўридан жой берсин.
Камсуқум ҳаёт кечирган бўлса-да, одамлар орзу қилса бўладиган хислатлари ҳам бор эди у кишининг. Анча ҳожатбарор, камбағаллар хизматига югурган, кўзи кулиб турадиган киши эди… Аллоҳ таоло ғариқи раҳмат қилган бўлсин. Одамлар кўзида кўримсиз бўлган бўлса-да, Аллоҳ ҳузурида улуғ мақомга эга бўлса не ажаб… Зеро, у томонда одам мартабаси мол-дунё, чиройли кўриниш, обру-шон билан эмас, қалбда қад кўтарган иймон, уни тасдиқлаган амал билан ўлчанади..
Қабр бошида турар экансиз, бир бўлак сурпга ўралган жасадни кўриб, дунё нақадар омонатлигини, шу билан бирга нақадар маккорлигини бир зум ҳис қиласиз… Қабрга қўйилаётганда дунёни эгаллаган бой одам билан бу муҳожир акамиз каби кишининг фарқи йўқлиги бир дам хаёлингизга келади: иккиси ҳам бир парча сурп билан бир бўлак ерга қўйилади… Лекин, қадамлар қабристондан узоқлашиб, дунё бозорига, ғала-ғовурига яқинлашганингиз сари бу туйғу узоқлашиб боради, худди қоронғиликка шўнғиган шарпадек хаёлингиздан кетади-қўяди…
Шунинг учун қабрларни тез-тез зиёрат қилиб туриш керак, токи бу туйғу тез-тез кўнгилга меҳмон бўлиб турсин, ўлимни эслатиб, охиратни ёдга тушириб турсин. Чунки, охират ёдини қилган одам дунё матоларининг ҳақиқий нархини англаб етади, охирати учун фойдали бўлган ишларни қилишга шошади…
Аллоҳ таоло оқибатимизни хайрли қилсин, дунёдан юк енгил бўлган ҳолда, эсон-омон ўтиб олишимизни насиб қилсин.
(Шайх Д. Сайфуллоҳ Носир)